Илм-фан бўйича директор ўринбосари, б.ф.н. У.Т.Мирзаевнинг “Фан ва турмуш” журналининг 2019 йил №1-2 сони 52-53-саҳифаларда  “Камарбалиқ цунамидан хабар берувчими?” мавзусидаги мақоласи чоп этилди.

2019 йил бошида Япония қирғоғида бир нечта ҳалок бўлган камарбалиқнинг танаси топилди. Япон ривоятларига кўра, бу ҳолат яқин вақтда цунами рўй бериши даракчиси ҳисобланади. Яна бир японларни ташвишлантирган нарса бу одатда 200 дан 1000 метргача чуқурликда яшайдиган камарбалиғнинг еттитаси ўтган йилги мавсумда балиқчиларнинг тўрларига илинганидир.

Камарбалиқ ёки Селдлар қироли Тинч, Атлантика ва Ҳинд океанларининг иссиқ, ўртача иссиқ ва мўътадил сувларида, асосан тропик минтақада ва Ўрта ер денгизи ҳавзасида, шунингдек, Шимолий-Шарқий Атлантикада – Исландия сув ҳавзаларида ва Шимолий денгизда 500-700 м, баъзан 1000 м чуқурликларда учрайди. Унинг узунлиги 3 метргача боради.

Истеъмол қиладиган озуқа турига кўра, камарбалиғи йиртқич – планктофагдир: унинг озуқасида кичик планктон қисқичбақасимонлар, майда балиқлар ва калмарлар қайд этилган. Селдлар билан битта тўрга тушиб қолишидан,бу балиқлар селдлар билан ҳам озиқланишини кўрсатади. Елка сузгичининг узунлашган биринчи шулалари томонидан ҳосил бўлган бошининг устидаги “тож” туфайли бу балиқ “Селдлар қироли” деган номини ҳам олган.

Селдлар қироли одатда, танасини тик қилиб, боши юқорига кўтарилган ҳолатда сузади. Шу билан бирга унинг зичлиги сувникидан каттароқ бўлгани  сабаб у ўз танасини чўкишдан сақлаб, бир маромда ушлаб туради ва узун елка сузгичининг тўлқинсимон ҳаракатлари натижасида аста-секин ёнга силжийди.

Селд қиролини овлаш иқтисодий аҳамиятга эга эмас. Унинг гўшти истеъмолга ярамайди, ҳатто ҳайвонлар ҳам уни истеъмол қилмаслиги мумкин. У фақат балиқчилик спорти объекти сифатида алоҳида қизиқиш уйғотади.

2010 йилда Японияда ўзини қирғоққа ташлаган 10 та Селдлар қироли топилди. Маълумки, бир неча ой ўтгач, 2011 йилнинг мартида содир бўлган зилзила ва ундан кейинги цунами минглаб одамларнинг ҳаётига завол бўлди ва Фукусима атом электростанциясини вайрон қилди. Бу ўз навбатида японларнинг ривоятга ишончини орттирди. Лекин ушбу балиқларнинг зилзилаларни олдиндан сезиши ҳақида ҳеч қандай илмий далиллар бўлмасада, ҳайвонларнинг зилзиладан дарак бериш ҳолатлари маълум.