Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисмидир. Бу бойлик бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди.

Ўзбекистон Ўрта Осиё минтақасидаги бир қанча биогеографик ўлкалар туташган ҳудудда жойлашганлиги унинг ҳайвонот оламининг ниҳоятда ранг-баранглигини белгилайди. Чўл ва саҳролардан иборат кенг текисликлар, тоғ-даштлар, ўрмонлар, яйловлар, тўқайзорлар, сув ҳавзалари, маданий ландшафтлар – буларнинг барчаси ўзига хос фаунистик мажмуаларга эга экотизимларни ташкил этади. Республика фаунаси жуда қадимий бўлиб, у мураккаб генетик ришталар билан боғланган.

Сўнгги ўн йил давомида табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида, Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Ҳозирда кўплаб ҳайвон турларининг, жумладан, Ўрта Осиё чўл тошбақасининг сони ҳам яшаш жойларининг ўзгариши ва йўқ қилиниши (яйловлардан чорвачилик мақсадида узоқ йиллардан бери ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш оқибатида), қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тижорат (экспорт) мақсадида тошбақаларни овлаш ва тухумларини териш, браконьерлик, табиий яшаш жойларининг ўзлаштирилиши каби антропоген омиллар туфайли узлуксиз камайиб бормоқда.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб камайишни бошлаган. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950–1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши турларнинг яшаш жойлари ва сони сезиларли даражада камайишига олиб келди. 1960–1980 йилларда тошбақанинг мазкур турига бўлган қизиқишларнинг ортиши сабаб улар зоологик савдога чиқарилган.

Тошбақаларни Қарнабчўлнинг деярли барча ҳудудларида учратиш мумкин. Бироқ, Ўрта Осиё чўл тошбақаси кўчма қумларда кам сонда учрайди, баланд тоғларда эса мутлақо учрамайди. Асосан, қаттиқ мустаҳкамланган қумлар ва шўрхокларда яшайди. Қолган ҳудудларда жудаям кам сонда учрайди. Бунга сабаб, бир неча йиллар давомида (2000–2015 йиллар) рухсатнома асосида Қарнабчўл ҳудудидан овланган 1 150 та тошбақа браконьерлар қўлидан олиб қўйилган, 15 000 дона тошбақа тухуми йиғиб олинган. Табиатдан ушланган бир хил ўлчамдаги 824 100 та  тошбақа экспорт қилинган (Нуриджанов, Вашетко, Нуриджанов, Абдураупов, 2016). Д.А. Бондаренко маълумотларига кўра, 1997–2015 йиллар давомида ноқонуний равишда 430 000 дона,  умумий ҳисобда қонуний ва ноқонуний равишда 1 миллиондан ортиқ тошбақа табиат қўйнида яшашдан маҳрум қилинган.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси (Agrionemys horsfieldii) заиф, ҳимояга муҳтож тур сифатида Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи (ТМХИ)нинг  Қизил рўйхатига киритилган. Мазкур тур мамлакатимиз ҳудудининг қўзғалувчан қумларидан ташқари барча текислик қисмларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Шимоли-ғарбий Хитой ва Шимолий Покистонда учрайди. Қизилқум, Сурхон, Нурота давлат қўриқхоналарида ва Бухоро ихтисослашган “Жайрон” питомнигида муҳофаза остига олинган.

Мазкур турни сақлаб қолиш учун яшаш жойларида муҳофазасини кучайтириш, баҳорги даврда чорва моллари ўтлатилишини назоратга олиш лозим. Шунингдек, Навоий вилоятида тошбақалар популяциясини сақлаб қолиш мақсадида буюртмахона ташкил этиш, тошбақаларни кўпайтириш билан шуғулланувчи мавжуд буюртмахоналардан олинган тошбақаларни улар камайиб кетган жойларда интродукция қилиш мақсадга мувофиқ.

Охирги 18 йил давомида қонуний ва ноқонуний равишда жами 1 254 100 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси табиатдан олинган ва экспорт қилинган. Ҳозирда  тошбақанинг табиий яшаши учун яроқсиз ва ўзлаштирилган ҳудудларнинг умумий майдони 300 минг км2 ни ташкил этади. Манбаларда келтирилишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган.

Ушбу турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг янги нашрига киритилган.