Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 февралидаги 27-сонли Қарорига асосан «Республика термитларга қарши курашиш Маркази» ДУК ташкил этилган.

Марказнинг вазифалари:

  • Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институти ёки бошқа ташкилотлар томонидан яратилган термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва кураш воситаларини ишлаб чиқариш;
  • Термитларга қарши курашиш юзасидан Зоология институти билан ҳамкорликда услубий қўлланмалар, тавсияномалар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш;
  • Термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини шартнома асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Ўзагрокимёҳимоя АЖ ларига буюртма асосида тайёрлаб бериш.

Марказ томонидан эришилган ютуқлар:

Республика термитларга қарши курашиш Маркази ва Зоология институти Энтомология лабораторияси олимлари томонидан Anacantothermes  авлоди термитларига қарши курашда заҳарли ем-хўраклар ишлаб чиқилган бўлиб, ем-хўракларни тайёрлаш ва термитларга қарши қўллаш технологияси бўйича “Цилиндрик контейнер” саноат намунасига патент  UZ № SAP01243 ва «Термитларга қарши инсектицидли воситани тайёрлаш усули» UZ № IAP 05832 ихтиро патенти олинган. Заҳарли ем-хўракларни ишлаб чиқариш ишланмаси бўйича ташкилот стандарти ва сертификати олинган. Бугунги кунда, Марказ томонидан термитларга қарши ишлаб чиқарилаётган ем-хўрак республикамизда кенг миқёсда қўлланилиб, юқори самарадорликка эришилмоқда.

Зоология институти олимлари билан ҳамкорликда Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш юзасидан ўзбек ва рус тилларида тавсиянома «Термитларга қарши кураш тизимига оид тавсиялар» ва йўриқнома «Термитларга қарши курашишга доир йўриқномалар» тайёрланиб, термитларга қарши кураш тизими амалиётига жорий қилинган.

Марказ ташкил этилгандан буён, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар дезинфекция станцияларининг мурожаатига кўра, шартнома асосида уларни заҳарли ем-хўрак билан тўлиқ таъминлаб келмоқда.